Эй иймон келтирган зотлар, Менинг душманимни ва ўзларингизнинг душманингизни дўст тутмангиз! Сизлар уларга дўстлик қўлини узатасизлар, улар эса сизларга келган ҳаққа куфр келтирадилар. Пайғамбарни ҳам, сизларни ҳам Парвардигорингиз Аллоҳга иймон келтирганингиз учун қувиб чиқаряптилар-ку! Агар Менинг йўлимда ва Менинг розилигимни истаб жиҳодга чиққан бўлсангизлар. Яширин тарзда уларга дўст бўласизлар. Мен эса яширин қилган ишларингизни ҳам, ошкора қилган ишларингизни ҳам биламан. Сизлардан ким шу ишни қилса, бас, у тўғри йўлдан озибди.
Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда сизлар учун гўзал намуна бор. Ўшанда улар ўз қавмларига дедилар: «Дарҳақиқат, биз сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган бутларингиздан ҳам безормиз. Биз сизларни инкор этдик. Токи ёлғиз Аллоҳгагина иймон келтирмагунингизча биз билан сизнинг ўртамизда адоват ва нафрат зоҳир бўлди. Фақат Иброҳим ўз отасига: «Албатта, мен сен учун мағфират сўрайман, сен учун Аллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсага молик эмасман», деган гапи бундан мустасно. «Парвардигоро, ёлғиз Ўзингга таваккул қилдик ва Ўзингга қайтдик. Қайтиб борар жой ҳам ёлғиз Ўзинггадир».
Аллоҳ сизларни сизларга қарши дин борасида жанг қилмаган ва сизларни юртингиздан қувиб чиқармаган кимсаларга яхшилик қилишингиздан, уларга нисбатан адолатли бўлишингиздан қайтармайди. Албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни яхши кўради.
Албатта, Аллоҳ сизларни динингиз борасида сизларга қарши жанг қилган, сизларни юртингиздан қувиб чиқарган ва сизларни ҳайдаб чиқаришда ўзаро ёрдамлашган кимсалар билан дўст бўлишдан қайтаради. Ким уларни дўст тутса, бас, ана ўшалар золимлардир.
Эй иймон келтирганлар, қачон сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонларини билгувчироқдир. Агар уларнинг мўминалар эканини билсангизлар, бас, уларни кофирларга қайтарманглар! Булар уларга ҳалол эмас. Улар буларга ҳалол эмас. Уларга сарфлаган нарсаларини беринглар. Уларга (эрларига) ҳақларини бергач, уларни никоҳлаб олсангиз, гуноҳ бўлмас. Кофираларнинг билакларидан ушламанглар, ўзларингиз сарфлаган нарсани талаб қилинглар ва улар ҳам ўзлари сарфлаган нарсани талаб қилсинлар. Бу Аллоҳнинг ҳукмидир. У сизларнинг ўртангизда ҳукм қилур. Аллоҳ Билгувчи ва Ҳаким Зотдир.