У шундай Зотки, аҳли китоб орасидаги куфр келтирганларни биринчи тўплашдаёқ диёрларидан чиқариб юборди. Уларнинг чиқиб кетишларини ўйлаб ҳам кўрмаган эдингизлар. Улар ҳам ўзларининг қўрғонларини Аллоҳдан ҳимоя қилгувчидир, деб ўйлагандилар. Бас, Аллоҳ улар ҳисобга олмаган тарафларидан келди ва қалбларига қўрқув солди. Уйларини ўз қўллари ва мўминларнинг қўллари билан хароб қиладилар. Бас, эй ақл эгалари, ибрат олинглар!
Сизлар бирон хурмо дарахтини кесдингларми ёки уни ўз танасида тик ҳолида қолдирдингларми, бас, Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва фосиқларни хорлаши учун (бўлган).
Ўз юртидан ва мол-мулкидан ҳайдаб чиқарилган муҳожир фақирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл ва ризо истайдилар ҳамда Аллоҳ ва Расулига ёрдам берадилар. Ана ўшалар содиқлардир.
Улардан олдин юртида ва иймон-эътиқодда яшаган зотлар эса ўзларига ҳижрат қилиб келган кишиларни севадилар ва дилларида уларга берилган нарсага ҳасад туймайдилар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларидан уларни устун қўядилар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчилардир.
Улардан кейин келган зотлар айтадилар: «Парвардигоро, бизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин ва дилларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон гина қолдирмагин. Парвардигоро, албатта, Сен Меҳрибон ва Раҳмлидирсан».
Кўрмадингизмики, мунофиқлик қилганлар ўзларининг аҳли китоблардан бўлган биродарларига шундай дедилар: «Агар қувиб чиқарилсангизлар, биз ҳам, албатта, сизлар билан бирга чиқамиз. Сизлар ҳақингизда бирон одамга ҳеч қачон бўйсунмаймиз. Агар сизларга қарши жанг қилинса, албатта, сизларга ёрдам берамиз». Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар аниқ ёлғончилардир.
Агар чиқариб юборилсалар, улар билан бирга чиқмайдилар. Уларга қарши жанг қилинса, уларга ёрдам бермайдилар. Ёрдам берсалар ҳам ортларига чекинадилар. Кейин уларга ёрдам берилмас.
Сизларга қарши ҳаммалари бир бўлиб очиқ жанг қила олмайдилар. Қўрғонли қишлоқлар ёки деворлар ортидан бўладиган жанглар бундан мустасно. Уларни бир деб ўйлайсиз, қалблари эса турфа хил. Зеро, улар ақл юритмайдиган қавмдир.
(Мунофиқлардан гапларни эшитишларининг мисоли) Шайтонга ҳам ўхшайди. У инсонга: «Кофир бўл», дейди. У кофир бўлгач: «Мен сендан безорман, мен оламлар Парвардигори Аллоҳдан қўрқаман», дейди.
Агар бу Қуръонни бир тоққа туширганимизда унинг Аллоҳдан қўрққанидан эгилиб, ёрилиб кетганини кўрар эдингиз. Бу мисолларни инсонлар учун зарб этурмиз. Шоядки, улар фикр юритсалар.