Осмонлару ерни ҳамда улар ўртасидаги нарсаларни фақат ҳақ ва белгиланган муддат ила яратдик. Кофирлар бўлса, ўзлари огоҳлантирилган нарсадан юз ўгирувчилардир.
Айтинг: «Сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсалар ердан нимани яратганини менга кўрсатинглар-чи. Ёки уларнинг самоларни яратишда (Аллоҳга) шерикчилиги борми? Агар ростгўй бўлсангизлар, бундан олдинги бир китобни ёки илмий белгини келтиринглар-чи».
Аллоҳни қўйиб, то Қиёмат кунига қадар унга ижобат қила олмайдиган бутларга дуо қиладиган кимсадан ҳам адашганроқ одам борми? Ҳолбуки, бутлар уларнинг дуосидан ғофилдирлар.
Ёки: «Уни ўзи тўқиган», дейдиларми? Айтинг: «Агар уни ўзим тўқиган бўлсам, сизлар мен учун Аллоҳ тарафидан бўладиган бирон нарсага эга эмассизлар. У Зот сизлар киришаётган ишни билгувчироқдир. Мен билан сизларнинг орамизда гувоҳ бўлишга Унинг Ўзи кифоядир. У Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир».
Айтинг: «Мен пайғамбарлардан биринчиси эмасман. Менга ўзимга ҳам, сизларга ҳам нима қилинишини билмайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган ишга эргашаман. Мен бир очиқ огоҳлантирувчиман, холос».
Ундан олдин Мусонинг китоби пешво ва раҳмат эди. Бу тасдиқлагувчи, араб тилидаги китобдир. Зулм қилган кимсаларни огоҳлантириш учун, гўзал амал қилгувчиларга эса хушхабар (бўлиб келган).
Инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлган ва уни қийналиб туққан. Ҳомиладор бўлиш ва сутдан чиқариш ўттиз ойдир. То у вояга етиб, қирқ ёшга кирганда деди: «Парвардигорим, менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр айлашимга ҳамда Ўзинг рози бўладиган солиҳ амал қилишимга илҳом бер! Мен учун зурриётимни солиҳлардан айла! Сенга тавба қилдим ва мен мусулмонларданман».
Ана ўшалар шундай зотлардирки, улардан қилиб ўтган яхши амалларини қабул айлаймиз, гуноҳларини эса кечириб юборурмиз. Улар жаннат эгалари қаторидадирлар. Уларга берилган чин ваъда шудир.
Унинг водийлари сари кўндаланг турганини кўришгач: «Бу кўндаланг бўлиб турган нарса бизга ёмғир ёғдиргувчидир», дедилар. Балки у ўзингиз шошилтирган нарсадир. Ичида аламли азоби бор бўрондир.
Дарҳақиқат, уларга сизларга бермаган имкониятларни бергандик. Уларга қулоқ, кўз ва қалблар ато этгандик. Бас, қулоқлари ҳам, кўзлари ҳам, қалблари ҳам бирон нарсада асқотмади. Чунки улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилардилар. Шу билан уларни ўзлари масхара қилган нарсалари қамраб олди.
Ўзлари Аллоҳни қўйиб, худо қилиб олган ва уларга яқин бўлиш учун сиғинаётган бутлари уларга ёрдам берармикин?! Йўқ. Улар кўринмай қолдилар. Бу уларнинг бўҳтони ва тўқиган уйдирмаларидир.
Эсланг! Сизга бир гуруҳ жинларни Қуръон эшитишлари учун юборгандик. Улар келишгач: «Жим бўлинглар», дедилар. Ниҳоясига етгач эса қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтиб кетдилар.
Дедилар: «Эй қавмимиз, дарҳақиқат, биз Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдингиларни тасдиқлаб келган, ҳаққа ва тўғри йўлга бошлайдиган бир китобни тингладик».
Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилувчини қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар. Шунда гуноҳларингизни мағфират қилади ва сизларни аламли азобдан асрайди.
Ким Аллоҳга даъват қилгувчини қабул қилмаса, у ер юзида қочиб қутулгувчи ҳам эмас ва унинг учун У Зотдан бошқа дўстлар ҳам йўқ. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар.
Пайғамбарлар орасидаги матонатлилари сабр қилганидек сабр қилинг ва улар учун (азобни) шошилтирманг. Улар ўзларига ваъда қилинган нарсани кўрган кунларида кундуздан бир соатгина тургандек бўладилар. Шунинг ўзи етарлидир. Фақат фосиқ қавмгина ҳалок қилинур.