Шаҳарлар онаси ва унинг атрофидагиларни огоҳлантиришингиз учун, шак-шубҳасиз бўлган тўпланиш кунидан огоҳлантиришингиз учун сизга арабий Қуръонни мана шундай нозил қилдик. Бир гуруҳ жаннатдадир. Бир гуруҳ дўзахдадир.
Агар Аллоҳ хоҳлаганида уларни битта уммат қилиб қўйган бўларди. Лекин Ўзи истаган одамни Ўз раҳматига дохил қилади. Золимлар учун эса бирон дўст ҳам, мададкор ҳам йўқдир.
Осмонлару ернинг яратувчиси. Сизлар учун ўзларингиздан жуфтларни ва чорва ҳайвонларидан жуфтларни яратди. Шу орқали сизларни кўпайтиради. Ҳеч нарса Унга ўхшаш эмас. У Эшитгувчи ва Кўргувчи Зотдир.
Сизларга диндан Нуҳга буюрган нарсани шариат айлади. Сизга ваҳий қилганимиз ҳамда Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрганимиз шуки, динни барпо қилинглар ва унда гуруҳ-гуруҳларга бўлиниб кетманглар. Сиз даъват қилаётган нарса мушрикларга оғирлик қилди. Аллоҳ унга Ўзи истаган одамни саралаб олади ва Ўзига илтижо қилган одамни ҳидоят қилади.
Уларга илм-ҳужжат келганидан кейингина ўзаро адоватлашиб, гуруҳ-гуруҳларга бўлиниб кетдилар. Парвардигорингиз тарафидан белгиланган муддатгача бир сўз ўтмаганида эди, улар ўртасида ҳукм чиқарилган бўларди. Улардан кейинги китоб мерос қилиб берилганлар у ҳақда шак-шубҳададирлар.
Шунинг учун даъват этинг ва қандай буюрилган бўлсангиз, ўшандай барқарор туринг. Айтинг: «Аллоҳ нозил қилган Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг орангизда адолат қилишга буюрилдим. Аллоҳ бизнинг Парвардигоримиз ва сизларнинг Парвардигорингиздир. Биз учун ўзимизнинг амалларимиз, сизлар учун ўзингизнинг амалларингиз. Биз билан сизларнинг орамизда ҳеч қандай ҳужжатлашиш йўқ. Аллоҳ ўртамизни жамлайди. Қайтиб бориш Унгадир».
Аллоҳнинг дини қабул қилинганидан кейин у ҳақда талашиб-тортишадиганларнинг ҳужжати Парвардигорлари наздида беҳудадир. Уларга қарши ғазаб бор. Улар учун қаттиқ азоб бор.
Унга иймон келтирмаганлар уни шошилтирадилар. Иймон келтирганлар эса ундан қўрқувчидирлар ва унинг ҳақ эканини биладилар. Огоҳ бўлингизким, Қиёмат ҳақида талашиб-тортишадиганлар узоқ залолатдадирлар.
Ким охират ҳосилини истаса, унга шу ҳосилни зиёда қилурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, унга ўшандан берурмиз ва унинг учун охиратда ҳеч қандай насиба бўлмас.
Ёки уларнинг шериклари бормики, уларга диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариатлаштириб берган бўлса. Агар ажрим сўзи бўлмаганида улар ўртасида ҳукм чиқарилган бўларди. Албатта, золимлар учун аламли азоб бордир.
Золимларни ўз қилмишларидан қўрққан ҳолларида кўрасиз. У (азоб) уларга тушгувчидир. Иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар эса жаннатларнинг боғларидадирлар. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида истаган нарсалари бордир. Бу улкан фазлдир.
Мана шу иймон келтириб, яхши амаллар қиладиган бандаларига Аллоҳ берадиган хушхабардир. Айтинг: «Бунинг учун сизлардан ажр сўрамайман. Фақат дўстлик, яқинликни сўрайман, холос». Ким бир яхшилик қилса, унга янада яхшиликни зиёда қиламиз. Аллоҳ кечирадиган ва миннатдорчиликни қабул қиладиган Зотдир.
Агар Аллоҳ бандаларига ризқни кенг қилиб қўйганида ер юзида ҳадларидан ошиб кетган бўлардилар. Лекин Ўзи истаган миқдорда нозил қилади. Дарҳақиқат, У бандаларини кўриб, хабардор бўлиб турадиган Зотдир.
Сизларга берилган ҳар бир нарса дунё ҳаётининг матосидир. Аллоҳнинг ҳузуридагиси эса иймон келтирган ва Парвардигорларига таваккул қиладиганлар учун яхшироқ ва боқийроқдир.
Мўминларки, Парвардигорларининг чақириқларига итоат этадилар, намозни тўкис адо қиладилар. Уларнинг иши ўзаро шўродир ва Биз берган ризқдан инфоқ қиладилар.
Аллоҳ кимни адаштириб қўйган бўлса, ундан кейин унга бирон дўст йўқдир. Золимларни кўрасизки, азобни кўрган пайтларида: «Қайтишга бирон йўл бормикин», деб қоладилар.
Аллоҳ тарафидан ортга қайтиш йўқ бўлган бир кун келишидан олдин Парвардигорингизнинг чақириқларига итоат этинглар. У кунда сизлар учун бирон паноҳ топадиган жой ҳам, инкор қилиш имкони ҳам бўлмас.
Агар юз ўгирсалар, бас, Биз сизни уларга қўриқчи қилиб юбормаганмиз. Зиммангизда етказиб қўйиш бор, холос. Биз инсонга Ўзимиз тарафимиздан бир раҳмат таъмини берсак, у хурсанд бўлди. Агар уларга ўз қўллари қилган ишлари туфайли бир ёмонлик етса, бас, инсон зоти кўрнамакдир.
Бирон одам учун Аллоҳ у билан гаплашмоғи дуруст эмас. Фақат ваҳий-илҳом орқали ё парда ортидан ёки бир элчини юбориб, Ўз изни ила Ўзи истаган гапни ваҳий қилиши бундан мустасно. Албатта, У Олий ва Ҳаким Зотдир.
Шунингдек, сизга ўз амримиз ила бир руҳни ваҳий қилдик. Сиз китоб нима, иймон нима, билмас эдингиз. Лекин уни бир нур айладикки, у билан бандаларимиздан истаган одамимизни ҳидоят қиламиз. Албатта, сиз тўғри йўлга бошлайсиз.