У сизларни бир жондан яратди, кейин ундан жуфтини яратди ва сизларга чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди. У сизларни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста-секин яратур. Ана ўша Аллоҳ Парвардигорингиздир. Барча мулк Уникидир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, қаён бурилиб кетмоқдасизлар?!
Агар куфр келтирсангизлар, бас, Аллоҳ сизлардан Беҳожатдир. У бандаларига куфрни раво кўрмайди. Агар Унга шукр қилсангизлар, сизларнинг шу ишингиздан рози бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи ўзга жоннинг юкини кўтармас. Кейин ёлғиз Парвардигорингизга қайтишингиз бор. Бас, У Зот қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. Албатта, У диллардаги сирларни ҳам Билгувчидир.
Қачон инсонни бирон зиён ушласа, Парвардигорига тазарру билан дуо қилади. Кейин қачон Ўз томонидан унга бир неъмат ато этса, олдин қилган дуосини унутиб, Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун У зотга тенгдошлар қилади. Айтинг: «Куфрингдан бироз фойдаланиб қол! Шак-шубҳасиз, сен дўзах эгаларидандирсан».
Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда тоат-ибодат қиладиган, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳматидан умидвор бўладиган зотми?! Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар баробарми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар.
Сизлар эса У Зотни қўйиб, истаган бутларингизга ибодат қилаверинглар. Айтинг: «Дарҳақиқат, зиёнкорлар Қиёмат куни ўзларига ҳам, аҳли оилаларига ҳам зиён қилгувчилардир. Огоҳ бўлингизким, айнан шу иш очиқ зиёнкорликдир».
Улар учун устларидан ҳам оловдан бўлган «соябонлар», остларидан ҳам «соябонлар» бордир. Аллоҳ Ўз бандаларини мана шундан қўрқитур. Эй бандаларим, Мендан қўрқингиз!
Аллоҳ осмондан сув ёғдириб, уни ердаги чашмалар қилиб оқизиб қўйганини кўрмадингизми? Кейин у билан турли хил рангдаги экинлар чиқарур. Кейин у қурийди. Бас, сиз уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Кейин уни хашакка айлантиради. Албатта, бу ишда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бордир.
Аллоҳ қалбини Ислом учун кенг қилиб қўйган киши (қалби тош инсон билан баробар бўладими)? Бас, у Парвардигори тарафидан бўлган бир нур устида-ку. Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга ҳалокат бўлсин. Ана ўшалар очиқ залолатдадир.
Аллоҳ энг гўзал сўзни бир-бирига ўхшайдиган ва такрорланиб келадиган Китоб ҳолида туширди. Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг баданлари ундан титраб кетади. Кейин эса баданлари ҳам, қалблари ҳам Аллоҳнинг зикрига мулойимлашади. Бу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У билан Ўзи истаган одамни ҳидоят қилур. Аллоҳ кимни адаштириб қўйса, унинг учун бирон тўғри йўлга солувчи йўқдир.
Аллоҳ бир мисол келтирди. Бир киши борки, унинг устида талашадиган бир неча шериклар бор. Бошқа бир киши борки, у саломат ҳолида бир киши учундир. Шу иккиси мисолда баробарми? Ҳамд Аллоҳникидир. Балки, уларнинг кўплари билмайдилар.
Аллоҳ Ўз бандасига етарли эмасми?! Улар сизни Аллоҳдан бошқа нарсалар билан қўрқитурлар. Кимни Аллоҳ йўлдан оздириб қўйган бўлса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи йўқдир.
Дарҳақиқат, сизга Китобни ҳақ ила одамлар учун нозил қилдик. Ким ҳидоят топса, ўзи учун топган бўлади. Ким адашса, ўзига зарар қилган бўлади. Сиз уларга вакил эмассиз.
Аллоҳ жонларни ўлими пайтида, ҳали ўлмаганларни эса уйқусида олур. Ўзи ўлимга ҳукм қилганларни ушлаб қолади. Бошқаларни эса муайян муддатга қадар қўйиб юборади. Бу ишда фикр юритадиган қавм учун белгилар бордир.
Ёки Аллоҳни қўйиб бошқа (худоларни) шафоатчи қилиб олдиларми?! Айтинг: «Улар ҳеч нарсага эга бўлмаган ва ақл юрита олмайдиган (нотавонлар) бўлсалар ҳам-а».
Бас, қачон инсонни бир зарар ушласа, Бизга дуо қилди. Кейин қачон унга Ўзимиз тарафимиздан бир неъматни ато этсак: «Бу менга ўз билимим туфайли берилди», деди. Йўқ! у синовдир. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.
Ўз жонларига жабр қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Аллоҳ ҳамма гуноҳларни мағфират этади. Дарҳақиқат, У Кечиримли, Раҳмли Зотдир».
Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан олдингиларга ҳам ваҳий қилиндики, агар ширк келтирсанг, амалинг ҳабата бўлгай ва ўзинг аниқ зиён кўргувчилардан бўлурсан.
Улар Аллоҳни етарлича улуғламадилар. Ҳолбуки, Қиёмат куни бутун ер юзи Унинг чангалидадир. Осмонлар эса Унинг қўлида ғижимлангандир. У Зот улар келтираётган ширклардан Пок ва Олийдир.
Сур чалинди, бас, осмондагилар ҳам, ердагилар ҳам қулади, ўлди. Фақат Аллоҳ истаганларгина бундан мустасно. Кейин у иккинчи марта чалинди. Қарабсизки, улар туриб кута бошладилар.
Ер Парвардигорининг Нури билан ёришди. Китоб қўйилди. Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди. Уларнинг ўрталарида зулм қилинмаган ҳолларида ҳақ билан ҳукм қилинди.
Парвардигорларидан қўрққанлар эса гуруҳ-гуруҳ қилиб жаннатга олиб борилдилар. То унинг олдига келганларида эшиклари очилиб, қўриқчилари уларга: «Ассалому алайкум! Хуш келибсизлар! Бас, унга мангу қоладиган бўлиб киринглар», дедилар.
Дедилар: «Бизга берган ваъдасида содиқ бўлган ва бизга бу ерни мерос қилиб, ундан хоҳлаган жойимизни олишимиз мумкин қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин». Бас, амал қилувчиларнинг ажри нақадар яхши!