Аллоҳ бирон кишининг ичида икки юрак қилган эмас. Сизлар зиҳор қилаётган хотинларингизни сиз учун она қилган эмас. Асранди болаларингизни сизга фарзанд қилган эмас. Булар оғзингиздаги гапларингиздир. Ҳақни эса Аллоҳ айтур. У тўғри йўлга ҳидоят қилур.
Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хатоларингиз учун сизга гуноҳ йўқ. Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз, Аллоҳ Мағфиратли ва Раҳмли Зотдир.
Пайғамбар мўминларга уларнинг ўзларидан кўра авлороқдир. Унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир. Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир-бирларига бошқа мўмин ва муҳожирлардан ҳақлироқдирлар. Фақат дўстларингизга яхшилик қилмоғингиз мустаснодир. Бу Китобда ёзиб қўйилгандир.
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Ўшанда устингизга лашкарлар бостириб келган эди. Бас, уларнинг устига шамолни ва сиз кўрмаган лашкарларни юбордик. Аллоҳ нима қилаётганингизни яхши кўриб тургувчи эди.
Ўшанда улар сизнинг устингиздан ҳам, қуйи тарафингиздан ҳам келган эдилар. Кўзлар тиниб, жонлар ҳалқумга келган эди ва Аллоҳ ҳақида турли гумонларга борган эдингизлар.
Ўшанда улардан бир тоифаси: «Эй Ясриб аҳли, бу ерда сизга туриш имкони йўқ. Бас, қайтинглар», деди. Яна бир гуруҳи эса: «Уйларимиз очиқ-сочиқ қолганди», дея Пайғамбардан рухсат сўрардилар. Аслида очиқ-сочиқ эмасди. Улар фақат қочишни истаётгандилар.
Сизларга бахиллик қилган ҳолларида (келурлар). Хавф туғилган пайтда кўрасизки, сизга худди ўлим талвасасидаги одамдек кўзлари олазарак бўлиб қарай бошлайдилар. Хавф бартараф бўлганидан кейин эса аччиқ тиллари билан сизларни чақиб оладилар. Яхшиликка (ўлжага) ўч бўладилар. Улар иймон келтирмаганлар. Бас, Аллоҳ уларнинг амалларини бекор қилди. Бу иш Аллоҳга осон бўлди.
Улар фирқаларни кетмаган, деб ўйлайдилар ва агар фирқалар яна қайтиб келсалар, кўчманчи бадавийлар орасида бўлиб, сизлар ҳақингиздаги хабарларни сўраб-билиб туришни истайдилар. Гарчи улар сизларнинг орангизда бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлар эдилар.
Мўминлар фирқаларни кўрган пайтларида: «Бу Аллоҳ ва Пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Пайғамбарининг сўзи ростдир», дедилар ва бу иш уларнинг иймон ва итоатларини янада зиёда қилди.
Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бор. Улардан айримлари аҳдига вафо қилиб бўлди. Айримлари эса кутиб турибдилар. Улар ҳеч нарсани ўзгартирмадилар.
Бунга сабаб шуки, Аллоҳ содиқларни садоқатлари учун мукофотлайди. Мунофиқларни эса истаса азоблайди ёки тавбасини қабул қилади. Аллоҳ Мағфиратли, Раҳмли Зотдир.
Аллоҳ куфр келтирганларни жиғибийрон ҳолларида ортига қайтарди. Улар бирон яхшиликка эриша олмадилар. Жангда мўминлар учун Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилди. Аллоҳ Кучли ва Азиз бўлган Зотдир.
Аҳли китоблардан уларга ёрдам берганларини қалъаларидан туширди ва қалбларига қўрқув солди. Бир гуруҳини ўлдирасизлар, яна бир гуруҳини эса асир оласизлар.
Сизларни уларнинг ерларига, ҳовли-жойларига, молу мулкларига ҳамда сизларнинг оёқларингиз етмаган ерларга меросхўр қилди. Аллоҳ ҳар нарсага Қодир бўлган Зотдир.
Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуғ ризқни тайёрлаб қўйганмиз.
Эй Пайғамбар аёллари, агар тақво қилсангизлар, аёллардан биронтаси каби эмассиз. Шундай бўлгач, майин сўз қилманг, токи қалбида марази бор кимса тама қилиб қолмасин. Тўғри, яхши гапларни айтинглар.
Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, содиқ ва содиқалар, собир ва собиралар, тавозели эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўзадор эркаклар ва рўзадор аёллар, авратларини асрагувчи эркаклар ва асрагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва зикр қилгувчи аёллар — улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот тайёрлаб қўйгандир.
Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган пайтида бирон мўмин ва мўмина учун ўз ишларидан ҳеч қандай ихтиёр қолмайди. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озибди.
Эсланг, Аллоҳ инъом қилган ва сиз ҳам инъом қилган кишига: «Аёлингни ушлаб қол, Аллоҳдан қўрқ», деяпсиз. Аллоҳ ошкор қиладиган ишни ичингизга яширяпсиз. Одамлардан қўрқяпсиз. Қўрқишингизга Аллоҳ ҳақлироқдир. Зайд у билан орани очиқ қилгач, сизни унга уйлантирдик. Токи мўминлар учун боқиб олган болалари аёлларини талоқ қилгач, уларга уйланишда ҳараж-танглик бўлмасин. Аллоҳнинг амри қилиниши лозим иш бўлди.
Эй иймон келтирганлар, қачон мўминаларни никоҳлаб олиб, кейин уларга қўл теккизмай талоқ қилсангиз, сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас. Бас, сизлар уларни баҳраманд қилинг ва гўзал тарзда кузатиб юборинг.
Эй Пайғамбар, дарҳақиқат, Биз сиз учун маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ сизга ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, сиз билан бирга ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини, аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини ва холаларингизнинг қизларини ҳамда ўзини пайғамбарга ҳадя этган мўмина аёлни, агар пайғамбар уни ўз никоҳига олишни истаса, ҳалол қилдик. Бу иш мўминларга эмас, сизгагина хосдир. Биз уларга жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари ҳақида фарз қилган ҳукмларимизни Ўзимиз яхши биламиз. Сизга ноқулайлик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир.
Сизга бундан кейин аёллар ҳалол бўлмас ва гарчи уларнинг чиройи сизни қизиқтирса ҳам уларни алмаштириш ҳам (ҳалол бўлмас). Қўл остингиздагилар бундан мустасно. Аллоҳ ҳамма нарсани кузатиб тургувчи бўлган Зотдир.
Уларга ўз оталари, ўғиллари, ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, опа-сингилларнинг ўғиллари, ўз аёллари ва қўллари остидаги (қул)лари борасида гуноҳ йўқдир. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳид бўлган Зотдир.
Эй Пайғамбар, аёлларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтингки, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг танилиб туришлари ва озор чекмасликлари учун энг яқин йўлдир. Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибондир.
Агар мунофиқлар, дилларида марази борлар ва Мадинада гап-сўз тарқатиб юрганлар тийилмасалар, албатта, Биз сизни уларга қарши оёқлантирурмиз. Кейин улар сиз билан бирга тура олмай қолурлар. Турсалар ҳам жуда оз муддат тура олурлар, холос.
Дарҳақиқат, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у золим ва жоҳил эди.
Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикаларни азоблаши ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул этиши учун. Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир.