Улар ўзлари ҳақида фикр юритмайдиларми? Аллоҳ осмонлару ерни ва улар орасидаги нарсаларни (бежиз яратмаган, уларни) ҳақ ва муайян муддат билан яратган. Одамлардан кўплари Парвардигорларига рўбарў келишни инкор қилгувчилардир.
Ер юзини кезиб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?! Улар булардан кўра кучлироқ эдилар. Ерга ишлов бериб, уни булар обод қилганидан кўра кўпроқ обод қилгандилар. Уларга пайғамбарлари ҳужжатлар келтирганди. Аллоҳ уларга зулм қилмаган эди, лекин улар ўзларига ўзлари зулм қилгандилар.
Унинг оятларидан яна бири шуки, сизларга ўзларингиздан жуфтларингизни яратди. Токи ўшалар билан таскин топинглар. Орангизда эса ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилди. Албатта, бу ишда фикр юритадиган қавм учун оятлар бордир.
Унинг оятларидан яна бири осмонлару ерни яратиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизни турли хил қилиб қўйишидир. Албатта, бу ишда биладиганлар учун белгилар бордир.
Унинг оятларидан яна бири кечаси ва кундузи ухлашингиз ҳамда Унинг фазлидан умидвор бўлишингиздир. Албатта, бу ишда қулоқ соладиган қавм учун белгилар бордир.
Унинг оятларидан яна бири шуки, сизларга яшинни кўрсатади. Қўрқиб ва умидвор бўлиб (уни кўрасизлар). Осмондан ёмғир ёғдириб, у билан ўлиб қолган ерни тирилтиради. Албатта, бу ишда ақлини ишлатадиган қавм учун белгилар бордир.
У шундай Зотки, дастлаб Ўзи йўқдан бор қилади, кейин яна Ўзи қайта яратади. Бу иш Унга жуда осондир. Осмонлару ердаги энг олий сифат Уникидир. У Азиз ва Ҳаким Зотдир.
Сизларга ўзларингиздан бир мисол зарб этди. Қўлларингиздаги мулкингиз (қулларингиз)дан сизларга ризқ қилиб берганимиз мол-мулкка шерик бўлиб олгувчилар борми ва сизлар худди ўзларингиздан қўрққандек улардан ҳам қўрқасизларми? Ақлини ишлатадиган қавм учун оятларни мана шундай баён қилурмиз.
Йўқ! Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар. Аллоҳ адаштириб қўйганни ким ҳам ҳидоят қила оларди? Улар учун ёрдам бергувчилар бўлмас.
Бас, доимо тўғри бўлган динга юз тутинг! Аллоҳнинг фитратики, инсонларни ўша билан яратган. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Тўғри дин шудир. Лекин кўп одамлар билмайдилар.
Аллоҳ шундай Зотки, сизларни яратди. Кейин сизларга ризқ берди. Кейин сизларни ўлдиради. Кейин яна тирилтиради. Шерик қилаётган бутларингиздан биронтаси шу ишлардан биронтасини қила оладими? У Зот улар келтираётган ширклардан Пок ва Олийдир.
Одамлар қилган ишлар туфайли қуруқлигу денгизда бало-офат юз берди. Қилган ишларининг айримларини тоттириб қўйиш учун (шундай бўлди). Шояд, улар қайтсалар.
У Зотнинг оятларидан яна бири шуки, шамолларни хушхабар элтгувчи қилиб юборади. Сизларга Ўз раҳматидан тоттириб қўйиши учун, кема У Зотнинг амри ила юриши учун ва У Зотнинг фазлидан умидвор бўлишингиз учун. Шоядки, шукр қилсангизлар.
Аллоҳ шундай Зотки, шамолларни юбориб, улар билан булутни қўзғатади ва уни самода Ўзи истаганича ёяди ва бўлак-бўлак қилади, бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз. Қачон уни Ўзи истаган бандаларига етказса, қарабсизки, улар шод бўладилар.
Бас, Аллоҳ раҳматининг изларига назар солинг. Қандай қилиб ўлик ерни тирилтиряпти? Албатта, У Зот ўликларни ҳам тирилтиргувчидир. У Зот ҳар нарсага Қодирдир.
Аллоҳ шундай Зотдирки, сизларни заиф нарсадан яратди. Заифликдан кейин куч-қувват пайдо қилди. Куч-қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни пайдо қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билгувчи ва Қодир Зотдир.
Албатта, ушбу Қуръонда одамлар учун турли хил мисоллар зарб этдик. Гарчи сиз уларга мўъжиза келтирсангиз ҳам кофир бўлган кимсалар: «Сизлар ғирт ёлғончисизлар», дейишлари аниқ.