Зоний ва зонияларнинг ҳар бирини юз дарра урингиз. Агар Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз, Аллоҳнинг дини борасида уларга шафқат қилмангиз. Уларнинг азобланаётганига мўминлардан бир гуруҳи гувоҳ бўлсин.
Зоний зониядан ёки мушрикадан бошқасини ўз никоҳига олмайди. Зонияни ҳам зоний ёки мушрикдан бошқаси ўз никоҳига олмайди. Бу иш мўминларга ҳаром қилинди.
Ўз аёлларини бадном қиладиганларнинг ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаса, бас, улардан бири ўзининг ростгўйлардан эканига Аллоҳнинг номига тўрт марта гувоҳлик беради.
Албатта, бўҳтонни олиб келганлар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни ўзингизга ёмонлик, деб билманглар. Аксинча, у сизлар учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун қилмишига яраша гуноҳ бор. Улардан гуноҳнинг каттасини кўтарган кимсага эса буюк азоб бор.
Агар Аллоҳнинг сизларга дунё ва охиратда фазлу марҳамати бўлмаганида эди, киришиб, чуқурлашиб кетган бу ишингизда сизларни буюк азоб ушлаган бўлар эди.
Ўшанда уни тилларингиз билан илиб олардингиз, оғизларингиз билан билмаган нарсангизни гапирардингиз ва бу ишни енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир.
Иймон келтирган зотлар орасида бузуқлик тарқалишини истайдиганлар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар эса билмайсизлар.
Албатта, покиза, бехабар (бузуқлик нималигини билмайдиган), мўмина аёлларга туҳмат тошини отганлар шу дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатланадилар ва улар учун буюк азоб бордир.
Эй иймон келтирганлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга изн сўрамасдан ва унинг аҳлига салом бермасдан кирманглар. Мана шу сизлар учун яхшидир. Шояд, эслатма-ибрат олсангизлар.
У ерда ҳеч кимни топмасангизлар, то изн берилмагунича унга кирманглар. Агар сизларга, қайтинглар, дейилса, қайтинглар. Мана шу сизлар учун покизароқ. Аллоҳ қилаётган ишларингизни Билгувчидир.
Ораларингиздаги беваларни ҳамда солиҳ қулларингиз ва чўриларингизни никоҳлангиз. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ карами кенг, Билгувчи Зотдир.
Никоҳланишга эришолмаганлар то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунига қадар иффатларини сақласинлар. Қўлларингиздаги мулк бўлиб турганлардан мукотаба (озодлик шартномаси) қилмоқчи бўлганлари билан агар уларда яхшиликни билсангиз, мукотаба қилинглар. Уларга Аллоҳнинг сизларга берган молидан беринглар. Чўриларингиз иффатли бўлишни истасалар, дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳини истаб, уларни зинога мажбурламанглар. Ким уларни мажбур қилса, бас, мажбур қилинганидан кейин Аллоҳ (чўриларга) Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир.
Аллоҳ осмонлару ернинг Нуридир. Унинг Нури худди бир токча кабидирки, унда бир чироқ бор. Чироқ бир шиша ичида. Шиша эса бамисоли бир дур юлдуз. У шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтининг мойидан ёқилади. Унинг мойи гарчи ўт тегмаса ҳам ёритиб юборгудек бўлади. Нур устига нур. Аллоҳ Ўзининг Нурига Ўзи истаган одамни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисоллар зарб қилади. Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир.
Кишиларки, уларни тижорат ҳам, савдо ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни адо этишдан ва закот беришдан чалғитмайди. Улар қалблар ва кўзлар тинимсиз ўзгариб турадиган кундан қўрқадилар.
Аллоҳ уларнинг қилган амалларига энг яхши мукофотни бериши ва Ўз фазлидан янада зиёда қилиши учун (шундай қиладилар). Аллоҳ Ўзи истаган одамга беҳисоб ризқ берур.
Куфр келтирганларнинг амаллари саҳродаги сароб кабидир. Ташна одам уни сув, деб ўйлар. Унинг олдига келганда эса ҳеч нарсани топа олмас. Ўша ерда Аллоҳни топур. Бас, Аллоҳ унинг ҳисобини тўла қилиб олур. Аллоҳ тез ҳисоб олгувчи Зотдир.
Ёхуд тубсиз денгиздаги мавж ўраб олган зулматлар кабидирки, унинг устидан яна бир тўлқин қоплаб олган. Унинг устидан эса булут қоплаб олган. Устма-уст қалашиб ётган зулматлар. Қўлини чиқарса, уни деярли кўрмайди. Кимга Аллоҳ бир нур ато этмаса, унинг учун ҳеч қандай нур йўқдир.
Кўрмадингизмики, Аллоҳга осмонлару ердаги жонзотлар, саф тортган қушлар тасбеҳ айтади. У Зот ҳар бирининг дуоси ва тасбеҳини билиб туради. Аллоҳ улар қилаётган ишларни Билгувчидир.
Кўрмадингизмики, Аллоҳ булутларни ҳайдайди, кейин тўплайди, ундан кейин эса бир уюм қилиб қўяди. Бас, уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз. Осмондан, ундаги (булутлар) тоғидан дўл ёғдириб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга етказур ва Ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Чақмоғининг ёруғлиги кўзларни олиб кетгудек бўлади.
Аллоҳ барча жониворни сувдан яратди. Улар орасида қорни билан юрадиганлари ҳам, икки оёқда юрадиганлари ҳам, тўрт оёкда юрадиганлари ҳам бор. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага Қодирдир.
Аллоҳ ва Расулига улар орасида ҳакамлик қилишлари учун чақирилганларида мўминларнинг айтган гапи фақат: «Қулоқ солдик ва итоат этдик», дейиш бўлди. Ана ўшалар нажот топгувчилардир.
Агар сиз амр этсангиз, албатта, чиқишлари ҳақида жон-жаҳдлари билан қасам ичдилар. Айтинг: «Қасам ичманглар. Бу бир маълум тоатдир. Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан Хабардордир».
Айтинг: «Аллоҳга итоат қилинглар. Пайғамбарга итоат қилинглар. Агар юз ўгириб кетсангизлар, бас, унга ўзининг зиммасига юклатилгани, сизларга ҳам ўзларингизнинг зиммангизга юклатилгани. Агар унга итоат этсангизлар, ҳидоят топасизлар. Пайғамбарнинг зиммасида очиқ қилиб етказиб қўйишдан бошқа вазифа йўқ».
Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларга ваъда қилдики, албатта, уларни ер юзида худди улардан олдингиларни халифа қилганидек халифа қилгай ва улар учун Ўзи рози бўлиб берган динини мустаҳкам айлагай ҳамда уларнинг хавфу хатардан кейинги аҳволини тинчлик-омонликка айлантириб бергай. Менга ҳеч нарсани шерик қилмасдан ибодат қиладилар. Шундан кейин ким куфр келтирса, ана ўшалар фосиқлардир.
Эй иймон келтирганлар! Сизлардан қўл остингиздагилар ҳам, балоғатга етмаганлар ҳам уч ўринда, бомдод намозидан олдин, пешиндаги кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин изн сўрасинлар. Бу уч вақт сизлар учун авратлардир. Ундан кейин сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ. Улар сизларникига, бир-бирингизникига борди-келди қилиб тургувчиларсиз. Аллоҳ сизларга оятларни мана шундай баён қилади. Аллоҳ Билгувчи ва Ҳаким Зотдир.
Мўминлар Аллоҳга ва Пайғамбарига иймон келтирган зотлардир. Улар муҳим бир ишда у зот билан бирга бўлиб қолсалар, изн сўрамасдан кетмайдилар. Сиздан изн сўрайдиганлар - ана ўшалар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига иймон келтирган кишилардир. Бас, айрим ишлари учун сиздан изн сўрасалар, ўзингиз истаган кишиларга рухсат беринг ва улар учун Аллоҳга истиғфор айтинг. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир.
Огоҳ бўлингизким, осмонлару ердаги нарсалар, шак-шубҳасиз, Аллоҳникидир. Қай аҳволда турганингизни аниқ билади. У Зотга қайтариладиган кунларида уларга қилган ишлари ҳақида хабар берур. Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир.