Уни кўрадиган кунингизда ҳар бир эмизаётган (она) эмизиб турган (боласи)ни унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлаб юборар. Одамларни маст ҳолда кўрурсиз. Ҳолбуки, улар маст эмаслар. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир.
Эй одамлар, қайта тирилиш ҳақида шубҳа қилсангизлар, бас, сизларга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, кейин нутфа-манийдан, кейин лахта қондан, кейин яралиб битган-битмаган парча гўштдан яратдик. Бачадонларда белгиланган муддатга қадар истаган нарсамизни қолдирамиз. Кейин сизларни чақалоқ қилиб чиқарамиз. Кейин вояга етказамиз. Сизлардан кимдир вафот этиб кетар. Кимдир эса ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада энг тубан умрга қайтарилар. Ерни қақраган ҳолда кўрасиз. Қачон унга сув-ёмғир ёғдирсак, у кўпчийди ва турли хил чиройли жуфтларни ундириб чиқаради.
Одамлар орасида Аллоҳга иккиланиб ибодат қиладиганлари ҳам бор. Унга бирон яхшилик етса, хотиржам бўлади. Бирон синов етса, юз ўгиради. У дунёни ҳам, охиратни ҳам ютқазибди. Очиқ ютқазиш мана шудир.
Албатта, Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амалларни қилган зотларни остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритади. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилади.
Ким: «Аллоҳ унга ҳеч қачон ёрдам қилмайди», деб ўйласа, бас, бир арқон билан осмонга-шифтга осилсин. Кейин уни узсин. Бас, қарасин-чи, бу ҳийласи ғазабини кетказармикан.
Иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар, насронийлар, мажусийлар ва ширк келтирганлар. Қиёмат куни Аллоҳ уларнинг орасини ажрим қилади. Аллоҳ ҳар нарсага Гувоҳдир.
Аллоҳ иймон келтирган ва яхши ишларни қилган зотларни остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритади. У ерда улар олтин билагузуклар ва дур-гавҳарлар билан безанурлар. У ерда кийимлари ипакдан бўлади.
Куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан ҳамда ерли аҳоли учун ҳам, четдан келганлар учун ҳам баробар қилиб қўйганимиз Масжидул Ҳаромдан тўсганлар. Ким зулм билан йўлдан чиқмоқчи бўлса, унга аламли азобни тоттирурмиз.
Ўзларига аталган манфаатларга гувоҳ бўлиш ҳамда уларга ризқ қилиб берилган чорва ҳайвонларини (қурбонлик қилаётиб) Аллоҳнинг номини зикр қилиш учун (келадилар). Улардан ўзинглар ҳам тановул қилинглар, бечора мискинларга ҳам едиринглар.
Аллоҳга холис бўлинглар, У Зотга ширк келтиргувчи бўлманглар. Ким Аллоҳга ширк келтирса, у гўё самодан қулаган-у, уни бир қуш ўлжа қилиб олган ёки шамол уни узоқ ерга учириб кетган кимса кабидир.
Туя-молларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг белгиларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир. Уларни тик турган ҳолида бўғизлаётганингизда Аллоҳ номини зикр қилингиз. Йиқилиб, ёнлари ерга текканда эса улардан еяверинглар, қаноат қиладиган одам ва тиланчини ҳам таомлантиринглар. Шояд, шукр қилсангизлар деб, уларни сизларга бўйсундириб қўйдик.
Аллоҳга уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормайди. Лекин У Зотга сизлар тарафингиздан бўлган тақво етиб боради. Мана шундай қилиб уларни сизларга бўйсундириб берди. Токи Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани учун У Зотга такбир айтинглар. Яхшилик қилгувчиларга хушхабар беринг.
Улар диёрларидан ноҳақ, фақат «Парвардигорим Аллоҳдир», деганлари учунгина қувилган зотлардир. Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмаганида Аллоҳнинг номи кўп зикр қилинадиган черковлар, синагогалар, ибодатхоналар ва масжидлар вайрон қилинган бўларди. Аллоҳ Ўзига ёрдам берган одамга албатта ёрдам беради. Аллоҳ Қудратли ва Ғолибдир.
Сизни шошилтиришиб, тезроқ азоб келишини сўрайдилар. Аллоҳ ҳеч қачон Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Парвардигорингиз ҳузуридаги бир кун сизлар санайдиган минг йил кабидир.
Сиздан олдин бирон расул ва набийни юбормадикки, у қироат қилган пайтида шайтон унинг қироатига (унда йўқ нарсани) ташламаган бўлса. Аллоҳ шайтон ташлаган нарсани ўчириб юборади. Ундан кейин Аллоҳ оятларини мустаҳкам қилади. Аллоҳ ҳамма нарсани Билувчи ва ҳар бир ишни ҳикмат билан Қилувчидир.
Илм ато этилган зотлар эса унинг Парвардигорингиз тарафидан келган ҳақ эканини билиб, унга иймон келтирадилар ва қалблари у билан таскин топади. Албатта, Аллоҳ иймон келтирган зотларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир.
Шу. Ким ўзига берилган озор баробарида озор берса, кейин яна унга зулм қилинса, албатта, Аллоҳ унга ёрдам беради. Албатта, Аллоҳ афв Қилгувчи, Кечиргувчидир.
Ҳар бир умматга шариат берганмиз. Улар ўшанга амал қилгувчилардир. Бас, бу ишда ҳаргиз сиз билан талашмасинлар. Парвардигорингизга даъват қилинг. Албатта, сиз тўғри йўлдасиз.
Эй одамлар, бир масал зарб этилди. Унга қулоқ солинглар. Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган бутларингиз ҳаммаси бир бўлса ҳам бир пашшани яратолмайдилар. Агар пашша улардан бирон нарсани олиб қўйса, уни қутқара олмайдилар ҳам. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинмиш ҳам заиф-ожиздир.