Сизларга кечаю кундузни, қуёшу ойни бўйсундириб берди. Юлдузлар ҳам Унинг фармони ила бўйсундирилгандир. Албатта, бу ишда ақл юритадиганлар учун оят-аломатлар бор.
У шундай Зотки, денгизни бўйсундириб берди. Токи ундан янги гўшт (балиқни тутиб) ейсиз, яна ундан ўзингиз тақадиган тақинчоқларни чиқариб оласиз. Кўрасизки, кема сувни ёриб юради. У Зотнинг фазлидан умид қилишингиз учун ҳам (шундай қилди). Шоядки, шукр қилсангизлар.
Улардан олдин ўтганлар ҳам макр қилдилар. Аллоҳ уларнинг биноларини пойдеворидан қулатди. Шу билан том уларнинг устига қулади. Уларга азоб ўзлари сезмаган тарафдан келди.
Кейин Қиёмат куни уларни хор қилиб дейди: «Ўша сизлар талашиб-тортишган «шерикларим» қани?» Илм берилган зотлар дедилар: «Бугун хорлик ва ёмонлик кофирлар устигадир».
Улар ўзларига ўзлари зулм қилиб турган ҳолларида фаришталар уларнинг жонини олади. Улар таслим бўлиб: «Ҳеч бир ёмонлик қилмаган эдик» (дейдилар). Йўқ! Албатта, Аллоҳ қилиб ўтган ишларингиздан Хабардордир.
Фаришталар келишидан ёки Парвардигорингизнинг амри келишидан бошқа нарсани кутмаяптилар. Улардан олдингилар ҳам шундай қилгандилар. Аллоҳ уларга зулм қилмаганди. Лекин улар ўзларига ўзлари зулм қилгандилар.
Биз ҳар бир умматга бир пайғамбар юбордик. «Аллоҳга бандалик қилинглар, шайтондан четланинглар». Улардан кимларигадир Аллоҳ ҳидоят берди. Кимларинингдир пешонасига залолат битилди. Бас, ер юзини кезиб юринглар. Ҳақни тан олмаганларнинг оқибати нима бўлганига қаранглар.
Уларнинг ҳидоят топишларига (ҳар қанча) ҳарис бўлманг, Аллоҳ Ўзи адаштирадиган кимсани ҳидоят қилмайди. Улар учун (ҳеч қандай) ёрдам берувчилар ҳам бўлмайди.
Зулмга учраганларидан кейин Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганларга бу дунёда ҳам гўзал жойлар ато этамиз. Охират савоби эса каттароқдир, агар биладиган бўлсалар.
Ҳужжатлар ва китоблар билан юбордик. Одамларга уларга нозил қилинган нарсани баён қилиб беришингиз учун сизга Зикрни нозил қилдик. Шоядки, улар фикр юритсалар.
Билмайдиган нарсалари учун Биз ризқ қилиб берган нарсалардан бир насиба ажратадилар. Аллоҳга қасамки, ўзларингиз тўқиган уйдирмаларингиз ҳақида, албатта, сўраласизлар.
Келган хушхабарнинг ёмонлигидан (номус қилиб) одамлардан беркиниб олади. Хор бўлиб уни олиб қолсами ёки тупроққа кўмиб қўя қолсами? (Унинг ўйи шу бўлади). Огоҳ бўлингизким, улар қилаётган ҳукм нақадар ёмон.
Агар Аллоҳ одамларни зулмларига яраша тутганида (жазолаганида), ер юзида биронта жонзотни қўймаган бўларди. Лекин уларни белгиланган бир муддатга қадар кечиктирди. Ўша муддатлари келганда бир соат ҳам ортга ё олдга ўзгартира олмаслар.
Аллоҳга қасамки, сиздан олдинги умматларга ҳам пайғамбарлар юборганмиз. Бас, шайтон уларга амалларини чиройли қилиб кўрсатди. У бугун уларнинг дўстидир. Улар учун аламли азоб бордир.
Сизларга чорва ҳайвонларида ҳам ибрат бор. Сизларни уларнинг қоринларидаги гўнг ва қон орасидан (ажралиб чиқадиган), ичувчилар (томоғидан) осон ўтадиган тоза сут билан суғорамиз.
Кейин ҳамма мевалардан егин ва Парвардигоринг қулай қилиб қўйган йўллардан юргин». Унинг қорнидан ҳар хил рангдаги ичимликлар чиқади. Унда одамлар учун шифо бор. Албатта, бу ишда фикр юритадиган қавм учун оят-аломат бор.
Аллоҳ сизларни яратди. Кейин яна жонингизни олади. Орангиздан кимдир умрнинг энг тубан қисмига қайтарилади-да, олдин билганларидан ҳеч нарсани билмай қолади. Аллоҳ Билгувчи ва Қодир Зотдир.
Аллоҳ бир мисол зарб этди. Ҳеч иш қўлидан келмайдиган мамлук - қул ва Биз унга мўл ризқ берган ва у ўша ризқдан яширин ва ошкора сарфлайдиган кимса. Шу иккиси баробарми? Аллоҳга ҳамд бўлсин. Лекин уларнинг кўплари билмайдилар.
Аллоҳ икки кишини мисол қилиб келтирди. Улардан бири ҳеч иш қўлидан келмайдиган бир гунг-соқовдир. У эгасига бир юк бўлиб, уни қаерга юборса ҳам бирон яхшилик билан қайтмайди. Шу одам билан адолатга буюрадиган, ўзи эса тўғри йўлини топиб олган киши баробарми?
Аллоҳ сизларга уйларингизни оромгоҳ қилиб берди. Яна сизларга чорва ҳайвонларининг териларидан кўчадиган кунингизда ҳам, қўнадиган кунингизда ҳам енгил кўтариладиган уйларни, уларнинг юнглари, жунлари ва қилларидан эса маълум вақтгача жиҳоз ва матолар қилиб берди.
Аллоҳ Ўзи яратган нарсалардан сизларга соялар қилиб берди. Сизларга тоғлардан бошпаналар қилиб берди. Сизларга сизларни иссиқдан асрайдиган, зарбадан ҳимоя қиладиган кийимлар қилиб берди. Сизларга Ўз неъматини мана шундай тўла қилиб беради. Шоядки, мусулмон бўлсангизлар.
Ҳар бир умматга ўзларидан бир гувоҳни келтирган ва сизни анавиларга гувоҳ қилиб келтирган кунимизни (эсланг). Сизга Китобни ҳар бир нарсанинг баёни, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар этиб нозил қилдик.
Нарсасини пишиқ-пухта тўқиганидан кейин уни сўкиб-чуваб юборган хотинга ўхшаб, бир уммат бошқа умматдан ортиқроқ бўлгани учун қасамларингизни ўзаро алдов воситаси қилиб олманг. Албатта, бу билан Аллоҳ сизни синаяпти, холос. Албатта, У Зот сизларга Қиёмат куни ихтилоф қилган нарсаларингизни баён қилиб берур.
Агар Аллоҳ истаганида сизларни битта уммат қилиб қўйган бўларди. Лекин У Зот хоҳлаган одамини адаштиради ва хоҳлаган одамини ҳидоят қилади. Қилиб ўтган ишларингиздан албатта сўралурсизлар.
Эркак бўлсин, аёл бўлсин, мўмин бўлгани ҳолда яхши амал қилган одамга ёқимли ҳаёт бахш этамиз ва, албатта, уларнинг савобларини қилган амалларининг энг яхшисига қараб берурмиз.
Қачон бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак - Аллоҳнинг Ўзи нимани нозил қилишини билгувчироқ - «Сен ғирт уйдирмачисан», дедилар. Асло! Аксинча, уларнинг кўплари билмайдилар.
Айтинг: «Уни Руҳул-қудс (Жаброил) Парвардигорингиз тарафидан иймон келтирганларни собитқадам қилиш учун ҳамда мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар этиб ҳақ билан нозил қилди».
Ким иймон келтирганидан кейин яна кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига йўлиқади). Фақат мажбур қилинган, қалби эса иймон билан ором олиб турган кимса бундан мустасно. Лекин кимлар қалбини куфрга очиб берсалар, уларнинг устига Аллоҳ тарафидан бир ғазаб (ёғилур) ва улар учун улкан азоб бордир.
Сўнгра Парвардигорингиз фитналарга йўлиққанларидан кейин ҳижрат қилган, сўнг жиҳод қилган ва сабр қилган кимсалар учун (мададкордир). Албатта, Парвардигорингиз шундан кейин Кечиримли ва Меҳрибон Зотдир.
Ҳар бир жон фақат ўзини оқлашга уриниб қоладиган ва ҳар бир жонга қилган ишига яраша (жазо ё мукофоти) тўла қилиб бериладиган ҳамда уларга зулм қилинмайдиган кунни (эсланг).
Аллоҳ бир шаҳарни мисол қилиб келтирди. Тинч, хотиржам эди. Ҳар тарафдан ризқи мўл келиб турарди. Кейин Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилди. Натижада Аллоҳ унга қилган қилмишлари туфайли очлик ва хавф либосини кийдириб қўйди.
Шанба(ни улуғлаш) у ҳақда ихтилоф қилган кимсаларнинг зиммасига юклатилган. Албатта, Парвардигорингиз Қиёмат куни улар орасида қилиб ўтган ихтилофлари борасида ҳукм қилур.
Парвардигорингиз йўлига ҳикмат ва чиройли насиҳат ила даъват этинг. Улар билан энг гўзал тарзда мужодала қилинг. Албатта, Парвардигорингиз Ўзининг йўлидан адашганни ҳам билгувчироқ, ҳидоят топганларни ҳам билгувчироқ Зотдир.
Жазоламоқчи бўлсангиз, ўзингиз қанча зарар кўрган бўлсангиз, ўшанча миқдорда жазолангиз. Агар сабр қилсангиз, шу иш сабр қилгувчилар учун албатта яхшироқдир.