Аллоҳ шундай Зотки, осмонларни устунсиз кўтариб қўйди. Сизлар уни кўриб турасизлар. Кейин Аршга кўтарилди. Қуёш ва ойни бўйсундирди. Ҳаммаси белгиланган муддатгача юради. У Зот ишнинг тадбирини қилади ва оятларни муфассал (баён) этади. Шоядки, Парвардигорингиз билан бўладиган учрашувга аниқ ишонсангизлар.
У шундай Зотки, ерни ёйди. Унга тоғлар ва анҳорларни жойлаштирди. Ҳар бир мевани жуфт-жуфт қилди. Кечани кундузга қоплайди. Бу ишларда фикр юритадиган қавм учун оят-аломатлар бор.
Заминда бир-бирига қўшни бўлган бўлак-бўлак ерлар бор. Узумзор боғлар, экинзорлар, шохлаган-шохламаган хурмолар бор. Ҳаммаси бир хил сув билан суғорилади. Таъмда уларнинг бирини иккинчисидан афзал қиламиз. Бу ишларда ақл юритадиган қавм учун оят-аломатлар бор.
Ажабланадиган бўлсангиз, уларнинг: «Тупроқ бўлиб кетганимиздан кейин яна янгитдан яратиламизми?» - деган гапларидан ажабланинг. Улар Парвардигорларига куфр келтирган кимсалардир. Уларнинг бўйинларида кишанлар бўлгай. Улар дўзах эгалари бўлиб, унда абадий қолурлар.
Куфр келтирганлар: «Унга Парвардигори тарафидан бир оят-аломат нозил қилинса эди», дейдилар. Сиз фақат огоҳлантириб қўювчисиз, холос. Ҳар бир қавм учун бир ҳидоятга бошловчи бор.
Аллоҳ ҳар бир аёлнинг ҳомиласини билади. Бачадонлар (муддатидан) эрта ташлаб юборганини ҳам, (муддатидан) ўтиб кетганини ҳам. У Зотнинг ҳузурида ҳар бир нарса ўлчовлидир.
Инсоннинг олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатувчилари бўлиб, Аллоҳнинг амри ила уни муҳофаза қилиб турадилар. Бир қавм то ўзининг аҳволини ўзгартирмагунича Аллоҳ унинг аҳволини ўзгартирмас. Аллоҳ бир қавмга ёмонлик қилмоқчи бўлса, уни қайтара оладиган (куч) йўқдир. Улар учун (Аллоҳ)дан ўзга бошқарувчи йўқдир.
Момақалдироқ ҳам У Зотга ҳамд ила тасбеҳ айтади. Фаришталар ҳам У Зотдан қўрққанларидан (тасбеҳ айтурлар). У Зот яшинлар юбориб, улар билан Ўзи истаган кишиларни уради. (Яшин урган пайтда) улар Аллоҳ ҳақида талашиб-тортишаётган бўладилар. У қаттиқ ушлайдиган Зотдир.
Айтинг: «Осмонлару ернинг парвардигори ким?» Айтинг: «Аллоҳ». Айтинг: «Уни қўйиб, ўзларига ҳам фойда ва зарар келтира олмайдиган нарсаларни дўст қилиб олдингизми?» Айтинг: «Кўр билан кўзи очиқ тенгми? Қоронғуликлар билан нур тенгми?» Ёки улар Аллоҳга шериклар қилдилармики, улар Аллоҳ каби яратганлар-у, кейин уларга яратилганлар чалкашиб кетганми? Айтинг: «Ҳамма нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир. У Ягонадир, Қаҳҳордир».
Осмондан ёмғир ёғдирди. У ўзига яраша жилғалар бўлиб оқди. Сел сув устида кўпикларни ҳам кўтариб келди. Тақинчоқ ёки асбоб-ускуна ясаш учун ўт ёққанда ҳам мана шундай кўпик (чиқинди) ҳосил бўлур. Аллоҳ ҳақ билан ботилни мана шундай зарбулмасал қилади. Кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Одамларга фойдаси тегадиган нарса эса ер юзида қолади. Аллоҳ масалларни мана шундай зарб қилади.
Парвардигорларига қулоқ солганлар учун гўзал оқибат бордир. Қулоқ солмаганлар эса... Агар ер юзидаги ҳамма нарса ва яна ўшанча нарса уларники бўлса ҳам уни фидо қилиб юборган бўлардилар. Улар учун ёмон ҳисоб бордир. Уларнинг ўрни жаҳаннамдир. У нақадар ёмон жойдир.
Парвардигорларининг Юзини истаб сабр қилганлар, намозни тўкис адо этганлар, Биз берган ризқдан сарфлаганлар, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтарганлар, ана ўшалар учун оқибат диёри бордир.
Аллоҳга аҳд берганларидан кейин уни бузадиганлар, Аллоҳ боғланишга буюрган ишни узадиганлар, ер юзида бузғунчилик қиладиганлар, ана ўшалар учун лаънат ва ёмон диёр бордир.
Аллоҳ Ўзи истаган одамига ризқни кенг қилади, (истаганига) танг қилади. Улар дунё ҳаётига хурсанд бўлдилар. Ҳолбуки, дунё ҳаёти охират олдида бир арзимас матодир.
Шундай қилиб, Биз сизни бир умматга пайғамбар қилиб юбордик. Ундан олдин ҳам умматлар ўтган. Уларга Биз ваҳий қилган оятларни тиловат қилиб берасиз. Улар Раҳмонга куфр келтирадилар. Айтинг: «У Парвардигоримдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унгагина суяндим. Тавба ҳам ёлғиз Унга қилинур».
Агар бир Қуръон бўлиб, у билан тоғлар жилдирилса ё ер ёрилса ёки ўликлар тилга кирса (у ҳам шу Қуръон бўларди). Лекин ишнинг ҳаммаси Аллоҳники. Иймон келтирганлар Аллоҳ хоҳлаганида одамларнинг ҳаммасини ҳидоятга бошлаши мумкинлигини билмайдиларми? То Аллоҳнинг ваъдаси келгунига қадар куфр келтирган кимсаларга офатлар етаверади, диёрларига яқин жойларга кулфатлар тушаверади. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди.
Сиздан олдин ҳам пайғамбарлар масхара қилинган. Куфр келтирган кимсаларга муҳлат берганман. Кейин уларни (азоб билан) ушлаганман. Азоб қандай (ҳам қаттиқ, шиддатли) бўлган эди?
Ҳар бир жоннинг қилган ишини кузатиб турган Зот (маъбудликка лойиқми ёки анави бутларми?) Улар Аллоҳга шериклар қилдилар. Айтинг: «Уларнинг номларини айтинглар-чи. Ёки Унга ер юзида билмаган нарсаларини айтиб берарсизлар. Ёки бу шунчаки юзаки гапдир». Аксинча, куфр келтирган кимсаларга қилган ишлари чиройли қилиб кўрсатилди ва улар йўлдан тўсдилар. Аллоҳ кимни адаштириб қўйган бўлса, уни тўғри йўлга солгувчи йўқдир.
Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли шуки, унинг остидан анҳорлар оқиб ўтади, мевалари ва сояси доимийдир. Бу тақво қилган зотларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир.
Биз китоб берган кишилар сизга нозил қилинган нарсага хурсанд бўладилар. Тўдалар орасида унинг айримларини инкор қиладиганлари ҳам бор. Айтинг: «Мен Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ширк келтирмасликка буюрилганман. Унгагина даъват қиламан ва қайтишим ҳам ёлғиз Унгадир».
Шунингдек, биз уни арабий ҳукм қилиб нозил қилдик. Сизга илм келганидан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсангиз, сизга Аллоҳ тарафидан бирон дўст ҳам, ҳимоячи ҳам бўлмас.
Биз сиздан олдин ҳам пайғамбарлар юборганмиз. Уларга жуфтлар ва зурриёт берганмиз. Аллоҳнинг изнисиз бирон пайғамбарнинг бирон оят-мўъжиза келтиришга ҳаққи бўлмаган. Ҳар бир муддатнинг ўз китоби бордир.
Кўрмадилармики, Биз у ерга келиб, унинг атрофидан камайтиряпмиз-ку. Аллоҳ ҳукм қилади ва Унинг ҳукмини ҳеч кимса таъқиб этмас. У тез ҳисоб олгувчи Зотдир.