Наҳотки сиз исрофчи қавм бўлганингиз учун сиздан юз ўгириб, зикр-эслатмани буриб юборсак?! (Яъни, Қуръонни булар қабул қилмас экан, майли, юраверсинлар, деб уни бошқаларга томон буриб юборсак бўладими?! Йўқ, Бизнинг одатимиз бундай эмас. Асл одатимизни билиш учун ўтган Пайғамбар ва умматларнинг ҳолига бир назар солинг!)
У зот сизга ерни бешик қилиб берди ва сизга унда йўллар қилиб қўйди. Шоядки, ҳидоят топсангиз. (Аллоҳ сизга ерни чақалоқнинг бешигидек қулай қилиб, ер юзида йўллар ҳам яратиб қўйди. Шоядки бу ҳақиқатларни тушуниб, инсофга келиб ҳидоят йўлига юрсангиз.)
Улар бандаларидан Унга бўлак (ҳукм) қилдилар. Албатта, инсон очиқ-ойдин ношукрдир. (Аллоҳга Унинг бандаларидан бўлмиш фаришталарни У зотнинг бўлаги-фарзанди деб ҳукм қилдилар.)
Улар Роҳманнинг бандалари бўлмиш фаришталарни аёллар ҳисобладилар. Ёки уларнинг яратилишига гувоҳ бўлдиларми?! Албатта, бу гувоҳликлари ёзилур ва сўроққа тутилурлар!
Худди шунингдек, Биз сендан илгари ҳам қайси бир қишлоқ-шаҳарга огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг зодагонлари: «Таъкидки, биз ота-боболаримизни бир динда топдик ва, албатта, биз уларнинг изларидан эргашгувчилардирмиз», дедилар.
Улар: «Ушбу Қуръон икки шаҳардан (бирида) бўлган улуғ кишига нозил қилинганида эди», дедилар. (Уларнинг жоҳилий ўлчовлари бўйича молу дунёси кўп, мансаби, ҳукми ва султони бор одам «улуғ киши» деб эътироф этиларди. Ана шундай одам Пайғамбар бўлишга лойиқ эди. Ўша пайтда мушрикларнинг бу мақомга номзодлари ҳам бор эди. Маккада ал-Валид ибн Муғийра, Тоифда Урвату ибн Масъуд ас-Сақафий исмли одамлар бўлиб, мушриклар ана шулардан бири Пайғамбар бўлса арзийди, деган фикрда эдилар.)
Ёки улар Роббингнинг раҳматини тақсимлайдиларми? Биз ҳаёти дунёда уларнинг ораларида маишатларини тақсимладик ва баъзилари баъзиларини хизматкор қилиб олишлари учун айримларининг даражаларини айримларидан устун қилиб қўйганмиз. Роббингнинг раҳмати улар жамлайдиган нарсадан яхшидир.
Агар одамлар бир миллат бўлиб қолишлари (хавфи) бўлмаганда, албатта, Биз Роҳманга куфр келтирадиганларнинг уйлари шифтини ва унга чиқадиган нарвонларини кумушдан қилиб қўяр эдик.
Сендан олдин Биз юборган Пайғамбарларимиздан сўра: Роҳмандан бошқа ибодат қилинадиган илоҳлар қилган эканмизми?! (Дунё тарихида ҳеч бир Пайғамбар Аллоҳдан бошқага ибодат этишга чақирган эмас. Дунёда ҳеч бир Пайғамбар Аллоҳдан бошқа илоҳга ибодат қилган ҳам эмас. Дунёда ўтган ҳамма Пайғамбарлар фақат Роҳман сифатли Аллоҳ таологагина ибодат қилганлар ва одамларни ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилишга чақирганлар.)
Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар. Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар.
Албатта, у(Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир. Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва Менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир. (Вақти келиб Ийсо қиёмат кунининг белгиси бўлади. Унинг қайта тушишидан қиёмат жуда ҳам яқин қолгани билиб олинади.)
Ийсо очиқ-ойдин мўъжизалар билан келган чоғида: «Батаҳқиқ, мен сизга ҳикматни келтирдим ва баъзи сиз ихтилоф қилаётган нарсаларни баён қилиш учун келдим. Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар.
Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир», деди. (Ийсо алайҳиссалом қавмларига: «Аллоҳ менинг Роббим», деганлар. Аллоҳ менинг отам, деган эмаслар. Демак, Аллоҳ таоло бошқа бандаларга Робб бўлгани каби, Исога алайҳиссалом ҳам Роббдир. Бу ҳақда бошқа гап бехуда.)
Бас, уларнинг орасидан фирқалар ихтилоф қилдилар. Зулм қилганлар ҳолига аламли кун азобидан вой бўлсин! (Ийсо алайҳиссалом Бани Исроилга Пайғамбар қилиб юборилган эдилар. У зот Бани Исроилга уларнинг Мусо алайҳиссалом шариати хусусидаги ихтилофларига барҳам бериш, ягона Аллоҳнинг ибодатига чақириш учун ҳикмат ила келган эдилар. Аммо улар бу чақириққа муносиб жавоб бермадилар. Балки Ийсо алайҳиссаломга қарши чиқдилар. Турли фирқаларга бўлиниб олиб, ҳозиргача ихтилоф қилиб келмоқдалар.)
Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир. (Қиёмат куни ҳамма ўз оқибатини билгач, гарчи бу дунёда яқин ўзаро дўст бўлса ҳам, бир-бирига душманга айланади. Чунки у дунёда бир-бирларини турли амалларга ундаган дўстларнинг дўзахга тушиб жазо тортишлари аниқ маълум бўлиб қолади. Ана ўшанда, ёмон билан дўст бўлганига афсусланади.
Уларга тиллодан бўлган товоқлар ва қадаҳлар айлантирилур. У ерда кўнгил иштаҳа қиладиган ва кўзлар лаззатланадиган нарсалар бордир. Сизлар у ерда абадий қолурсизлар.
У улардан енгиллатилмас ва улар у (азоб)да ноумид ҳолда қолурлар. (Яъни, азоб аҳли жаҳаннамдан ҳеч енгиллатилмайди. Улар ўша азоб ичида ноумид бўлган ҳолларида абадий қолиб кетадилар.)
Ёки улар Бизни уларнинг сирларини (билмайди) ва пичирлашиб қилган маслаҳатларини эшитмайди деб ҳисоблайдиларми? Йўқ! Ҳолбуки, элчиларимиз уларнинг олдиларида ёзмоқдалар.
Осмонлару ернинг ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг мулкига эга бўлган зот баракотли-буюкдир. (Қиёмат) соати илми Унинг ҳузуридадир. Унгагина қайтарилурсизлар.